Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарима 60 кун ичида тўланмаса, ҳайдовчининг транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин. Бу тартиб Ички ишлар вазирининг 4-сентабрдаги буйруғи билан тасдиқланган янги йўриқномада белгиланган.
Ҳужжат 5 ноябрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, 6 ноябрь куни расман эълон қилинган. Унга кўра, жарима ҳақидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай тўланиши керак. Агар қарор устидан берилган шикоят ёки протест қаноатлантирилмаса, жаримани тўлаш учун бу ҳақда хабар берилган кундан бошлаб 30 кун муддат берилади.
Белгиланган муддатда жарима тўланмаса, транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг планшетлари ва бошқа ахборот тизимларида автоматик акс этади. Шундан сўнг, ЙҲХХ ходимлари маъмурий баённома расмийлаштирмасдан автомобилни жарима майдончасига жойлаштириши мумкин. Транспорт воситаси жарима бўйича ижро иши тугагунига қадар ушлаб турилади.
Ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали жойида тўлиқ тўласа ва тўлов электрон тизимда тасдиқланса, автомобиль жарима майдончасига олиб кетилмайди. Майдончага жойлаштирилган транспорт воситасини қайтариб олиш учун эса қарздорлик тўланиши ва электрон рухсатнома расмийлаштирилиши керак.
Шунингдек, янги тартибга кўра, жарима ҳақидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жариманинг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий тўлаган шахс қолган қисмини тўлашдан озод этилади. Бироқ ушбу имтиёз қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Йўриқнома расмий эълон қилинган кундан икки ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!