Барча ўйланган ва режалаштирилган ишларни бажара олмай айбдорлик ҳиссини туйиш барчага таниш ҳолат бўлса кераaк. Самарали кун тартиби тузиб, унга қатъий амал қилиш учун нималарга эътибор бериш керак? Қандай кун тартиби бизни ишлашимиз ва кун тартибига амал қилишимизни кафолатлайди? Қуйида шу ҳақида сўз боради.
Муддат белгиламанг
Агар кун тартибини тузишда ҳар бир вазифа учун муддат белгиласангиз ва белгиланган вақтда уни бажаришга улгура олмасангиз қолган ишлар ҳамда режаларингиз ҳам бузилиб кетиши мумкин. Шу сабабли ҳам кун тартиби ва интизомга амал қилишда тажрибага эга бўлмасангиз, бошланишига муддат белгиламаганингиз маъқул. Кейинчалик ҳар бир вазифани минимал ва максимал даражада, қанча вақт давомида бажаришингизни аниқлаб олганингиздан кейин, кун тартибингизни ҳатто дақиқаларингизгача ёзиб, режалаштиришингиз мумкин.
Миқдор белгиламанг
Қилинадиган ишларингиз учун ҳам миқдор белгиламанг. Улар жуда кўп ва кам бўлиши ҳам мумкин. Асосийси, улгуришингизга кўзингиз етадиган даражада вазифа ёзинг, ахир кун атиги 24 соатдан иборат. Шу вақт давомида бажарилиши керак бўлган ишларингизни имконингиз даражасидан келиб чиқиб ёзинг.

Бўлимларга бўлинг
Ишларни муҳимлик, тезкорлик ва қийинлик даражаси бўйича турли бўлимларга бўлиб чиқинг. Бу ишни қай тартибда бориши, нимадан бошлаш қайси иш билан тугатишингизни англашингизга ёрдам беради. Аввало қийин ҳамда тезкор ишларни бажариб олишга ҳаракат қилинг.
Бўш жой қолдиринг
Тўсатдан пайдо бўлиб қоладиган режалар, ғоялар ва вазифалар учун маълум миқдорда жой қолдиринг. Акс ҳолда бу ҳам кун тартибига амал қилиш режимингизни бузиши мумкин.
Тасаввур қилинг
Кун тартибини тузаётганингизда уйғонганингиздан бошлаб, ухлаш учун ётадиган пайтингизгача нималар қилиш кераклигини қадамма-қадам тасаввур қилиб, ёзиб чиқинг. Тасаввур қилиш кун тартиби тузишда вазифалар кетма-кетлигини белгилашда муҳим ўрин тутади.

Махсус бўлимларни белгиланг
Тонгги ва уйқудан олдиги вазифалар, таълим, харидлар каби бўлимлар тузинг. Бу кун тартибини тузиш ва унга амал қилишда қийинчиликлар туғилишини олдини олади.
Ранглар қўлланг
Вазифаларни ранглар билан ажратиб белгилаб чиқинг. Бажарилган, ортга сурилган, қийинроқ, тезкор вазифаларни бўлимига қараб, маълум бир ранг билан белгилаб олинг.

Кун тартибингизни режалаштиришингиз учун бир қанча махсус дастурлар ишлаб чиқарилган бўлиб, улардан фойдаланиш бир мунча қулайликларга эга. Аммо эртанги кунингизни режалаштириш учун энг яхши восита шунчаки А4 оқ қоғоз ҳисобланади. Унга бир кун олдин ухлашдан аввал юқоридаги маслаҳатларга амал қилган ҳолда, режаларингизни ёзиб чиқинг. Тонгда эса кунингизни айнан шу қоғоздаги вазифаларни кўриб чиқишдан бошланг.
Гулжаҳон Санжарбекова тайёрлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!