АҚШнинг Орегон штатидаги Бенд шаҳрида 15 октябрь куни Silver Rail бошланғич мактабида 16 ёшли ўсмир томонидан содир этилган қуролли ҳужум оқибатида уч нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди. Ҳужум қилган ўсмир эса воқеа жойида маҳаллий аҳоли вакили томонидан отиб ўлдирилган. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужумчи мактаб ҳудудига қулфланган эшикларга ўқ узиб, бино ичига кирган. Ҳалок бўлган болаларнинг ёши 5, 8 ва 11 да бўлган. Отишма оқибатида 7 ёшли ўқувчи ва 54 ёшли ўқитувчи ҳам оғир яраланган ва шифохонага ётқизилган.
Бенд шаҳри полицияси бошлиғи Майк Кранснинг айтишича, ҳужумчи ҳақидаги дастлабки хабар келиб тушганидан бир неча дақиқа ўтиб, у мактаб ичида ўлик ҳолда топилган. Полиция вакили Шейла Миллернинг маълум қилишича, воқеа ҳақида мактаб ичидан ҳам фавқулодда хизматларга қўнғироқлар келиб тушган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир неча дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи онаси томонидан сотиб олинган насосли милтиқдан фойдаланган. Терговдан хабардор ҳуқуқ-тартибот идораси ходими бу ҳақда исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилган.
Полиция ҳозирча ўсмирнинг мактабдаги бирор кишини таниган-танимагани ёки ушбу таълим муассасасида ўқиган-ўқимаганини аниқламаган. Маълум қилинишича, у Бенд шаҳри аҳолиси бўлган.
Отишмадан кейин ўқувчилар автобусларда яқин атрофдаги черковга олиб борилган ва у ерда ота-оналари билан учрашган. Орегон губернатори Тина Котек ҳужумчини тўхтатишга аралашган маҳаллий аҳоли вакилига миннатдорлик билдириб, ҳалок бўлганлар, яраланганлар ва уларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.
Ҳозирча ҳужумнинг сабаби ва ўсмирнинг мактаб билан алоқаси бўйича тергов тафсилотлари тўлиқ аниқланмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!