Туркиянинг Баликесир вилояти Айвалик туманида ҳайдовчиси юрак хуружига учраган микроавтобус денгизга қулади. Ҳодиса оқибатида 31 ёшли ҳайдовчи ҳалок бўлди, 10 нафар йўловчи, жумладан, бир чақалоқ жароҳатланди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 16 ноябрь куни соат 12:30 атрофида Отатурк бульварининг 06-меки ҳудудида содир бўлган. Айвалик–Саримсакли йўналишида ҳаракатланаётган микроавтобус ҳайдовчиси Батухон Йилмаз рулда кетаётиб юрак хуружига учраган. Натижада у бошқарувни йўқотиб, транспорт воситаси йўловчилари билан бирга денгизга қулаган.
Воқеа гувоҳлари йўловчиларни қутқаришга киришган. Микроавтобус сувга бота бошлагач, ичкарида қолганларни олиб чиқиш учун қирғоқдан транспорт воситасига нарвон узатилган.
Хабар берилиши билан воқеа жойига тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, Соҳил хавфсизлиги ва полиция ходимлари етиб келган. Қутқарувчилар фуқаролар кўмагида ҳайдовчи ва йўловчиларни сувдан олиб чиқишган. Ҳайдовчига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Жароҳатланган 10 нафар йўловчи, жумладан, чақалоқ Айвалик давлат шифохонасига ётқизилган. Уларнинг аҳволи яхши экани маълум қилинган. Денгизга қулаган микроавтобус кейинчалик юк крани ёрдамида сувдан чиқарилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!