2025-йилда дунё бўйлаб 47 минг нафар аёл ва қиз турмуш ўртоғи, яқин муносабатда бўлган шахси ёки оила аъзолари томонидан қасддан ўлдирилган. Бу ҳақда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда БМТ-Аёллар ташкилотининг 24 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, мазкур кўрсаткич дунё бўйича бир кунда ўртача 129 нафар, ҳар соатда эса 5 нафар аёл ва қиз ҳаётдан кўз юмганини англатади.
Қайд этилишича, 2025-йилда аёллар ва қизларга нисбатан содир этилган қотилликларнинг умумий сони 78 минг тани ташкил қилган. Уларнинг 60 фоизи, яъни 47 мингта ҳолат яқин шериклар ёки оила аъзолари томонидан содир этилган. Бу аёллар учун энг хавфли жойлардан бири ҳануз ўз уйи эканини кўрсатади.
Минтақалар кесимида бундай қотилликларнинг энг юқори кўрсаткичи Африкада қайд этилган. Хусусан, ҳар 100 минг нафар аёлга 2,9 та ҳолат тўғри келган. Америкада бу кўрсаткич 1,4 тани, Океанияда 1,1 тани, Осиёда 0,6 тани ва Европада 0,5 тани ташкил этган.
Ҳисоботда аёлларга нисбатан қотилликлар кўпинча узоқ вақт давом этган зўравонлик, таҳдид ва тазйиқларнинг якуни экани таъкидланган. Шу билан бирга, жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг аксарияти ёрдам сўрамаслиги уларнинг ҳимоясиз қолиш хавфини ошириши қайд этилган.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда умумий қотиллик кўрсаткичлари пасайиб бораётган бўлса-да, аёллар ва қизларга нисбатан қотиллик ҳолатлари бу жараёнга нисбатан секинроқ камаймоқда. 2010–2025-йилларда умумий қотиллик кўрсаткичлари Америкада аёлларга нисбатан қотиллик кўрсаткичларидан қарийб икки баравар, Европада эса 1,5 баравар тезроқ пасайган.
Ҳисоботда 2025-йилда яқин шерик ёки оила аъзолари томонидан ўлдирилган аёллар ва қизлар сони 2024-йилдаги 50 минг нафарлик кўрсаткичдан кам экани ҳам қайд этилган. Бироқ БМТ ташкилотлари бу фарқни зўравонлик ҳолатлари амалда камайганининг исботи сифатида баҳоламаслик кераклигини билдирган. Бунга мамлакатларда статистик маълумотларни тўплаш имкониятларининг яхшилангани ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
БМТ ташкилотлари ҳукуматлар ва жамоатчиликни аёллар ҳамда қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, жабрланувчиларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кучайтиришга чақирган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!