Мактаб битирувчилари тил ва касбни эгаллаб чиқиши керак — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчилари катта ҳаётга камида бирор тил ва касбни эгаллаган ҳолда чиқиши зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари бу масалани сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланиши фонида таълим олдидаги муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этди.
Учрашувда маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Мактаб – тараққиётнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидир» деган сўзлари йодга олинди. Президент ўғил-қизлар учун ушбу «дарвоза»ни янада кенг очиш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш Учинчи Ренессанс ғоясининг ўзаги эканини таъкидлади.
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланиши натижасида янги касблар пайдо бўлаётгани, мавжуд касблар эса янги кўникмаларни талаб қилаётгани қайд этилди. «Болани мактабдан касб, тил ўргатмасдан чиқариш – унинг келажагига бепарволик эмасми?» — деди Шавкат Мирзиёев.
Мактаб директорларига ўқувчилар қайси тил ва касбни ўрганаётгани, мактабни битиргач қандай ҳунарга эга бўлиши масалаларига жиддий эътибор қаратиш вазифаси юклатилди. Мактаб раҳбарларига зарур ваколатлар берилиши, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун шароит яратилиши маълум қилинди. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари узвийлигини таъминлаш учун комиссия тузилади ҳамда уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!