Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги Конгрессига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Партия томонидан тарқатилган маълумотга кўра, Конгресс кун тартибида янги Сиёсий дастур лойиҳасини муҳокама қилиш, партиянинг мафкуравий қарашларини янгилаш ҳамда ташкилий тузилмасини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.
Қайд этилишича, янги Сиёсий дастурда партия электорати манфаатларини кенгроқ ифодалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тадбиркорлар, зиёлилар, таълим ва тиббиёт ходимлари, маданият ва спорт соҳаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари, IT ва финтех соҳаси вакиллари, ёшлар ҳамда хотин-қизлар манфаатларини қамраб олиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
4 декабр куни 1 500 нафар делегат иштирокида ўтказилиши режалаштирилган Конгрессда учта асосий масала кўриб чиқилади:
– Партиянинг янги Сиёсий дастури лойиҳасини муҳокама қилиш;
– Мафкуравий қарашларни янгилаш ва партия фаолиятини Янги Ўзбекистон талабларига мувофиқлаштириш;
– Ташкилий тузилмани илғор халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқиш.
Конгресс якунлари партиянинг келгуси фаолият йўналишлари, мафкуравий устуворликлари ҳамда жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифодалаш борасидаги вазифаларини белгилашга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!