АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитой, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон каби 14 та йирик савдо ҳамкорига нисбатан янги божлар жорий этиш режасини эълон қилди. Қўшма штатлар ушбу мамлакатларни жаҳон бозорига ҳаддан ташқари кўп ва арзон маҳсулот етказиб беришда айбламоқда. Шунингдек энг юқори бож ставкалари Хитойга нисбатан қўлланиши кутилмоқда.
АҚШ Савдо вакили идораси (USTR) мазкур қарорни савдо ҳамкорларининг ишлаб чиқариш соҳасидаги “таркибий ортиқча қуввати” юзасидан саккиз ой давом этган текширув якунларига асосланиб эълон қилди.
Reuters агентлигининг ёзишича, АҚШ расмийлари айрим давлатлар субсидиялар ва бошқа иқтисодий чоралар орқали бозор талабига мос келмайдиган даражада ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтираётганини таъкидламоқда. Вашингтоннинг фикрича, бу ҳолат халқаро бозорда рақобат мувозанатини бузиб, америкалик ишлаб чиқарувчиларга зарар етказмоқда.
Янги божлар 1974 йилда қабул қилинган АҚШ Савдо тўғрисидаги қонуннинг 301-бўлими асосида жорий этилиши режалаштирилган. Ушбу қонун Америка бизнесига нисбатан адолатсиз савдо амалиётларини қўллаётган давлатларга қарши чоралар кўриш имконини беради. Трамп аввалги президентлик даврида ҳам Хитой маҳсулотларига божлар белгилашда мазкур механизмдан фойдаланган.
Бу ташаббус Трамп маъмуриятининг импорт божларини қайта жорий этишга қаратилган навбатдаги уриниши ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, президент 2025 йил апрель ойида “Озодлик куни” деб номланган кенг кўламли божларни эълон қилган эди. Бироқ 2026 йил февраль ойида АҚШ Олий суди президент фавқулодда ваколатлар тўғрисидаги қонун асосида бундай божларни жорий этиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарган.
Шундан сўнг АҚШ маъмурияти бошқа қонуний механизмлардан фойдаланиб, савдо ҳамкорларига вақтинчалик божлар жорий этди. Кейинчалик эса АҚШ импортининг асосий қисмини таъминлайдиган 60 та иқтисодиётга нисбатан 10 фоиздан 12,5 фоизгача бўлган бож ставкалари белгиланди.
Янги текширув доирасида пўлат, автомобилсозлик, компьютер чиплари ва қуёш панеллари каби бир қатор муҳим саноат тармоқлари ўрганилди. Шунингдек, давлат субсидиялари, иш ҳақи даражасининг сунъий равишда паст сақланиши ҳамда давлат корхоналарининг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
АҚШ маъмуриятининг таъкидлашича, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини халқаро бозорларда арзон нархларда сотиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса америкалик компанияларнинг рақобатбардошлигини пасайтириши ва АҚШ саноатига инвестициялар киритиш учун рағбатларни камайтириши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!