Аутизм – руҳий бузилишнинг оғир турларидан бири бўлиб, атрофдагилардан узоқлашишга ҳаракат қилиш ва ҳис-туйғуларни биз одатланган кўринишда ифодалаб бера олмаслик орқали намоён бўлади. Аутизм мия фаолиятига бевосита таъсир қилувчи неврологик бузилишлар натижасида келиб чиқади.
Аутизмнинг қандай қилиб ва нима сабабдан пайдо бўлиши, боладаги аутизмнинг илк белгиларини қандай аниқлаш мумкинлиги ҳақида қуйида суҳбатлашамиз.
Болалардаги аутизм: руҳий бузилишнинг илк белгилари қандай?
Кўп ҳолларда аутизм 3 ёшгача бўлган болаларда пайдо бўлади, аммо унинг илк белгиларига аксарият ота-оналар эътибор қаратишмайди.
Аутистик бузилишнинг белгилари 2-3 ёшларда кўзга ташланиши эҳтимоли юқори. Аутизмнинг илк босқичларида бола ота-онанинг айрим ҳаракатларига жавоб қайтармайди, уларга бефарқлик билан муносабатда бўлади. Атрофдаги одамлар, қариндош-уруғлар, уларнинг фарзандлари билан дўстона ва илиқ муносабатлар ўрната олмайди. Улар ота-оналарининг ширин сўзлари, эркалашларига табассум билан жавоб қайтаришмайди, жонсиз буюмларга ҳам, одамларга ҳам бир ҳил муносабатда бўлишади. Асосий белгилардан яна бири – бошқаларнинг кўзларига тик қарай олмасликдир. Улар кўзларининг атрофдаги одамлар кўзига тушиб қолмаслигига ҳаракат қилишади.
Нутқ бузилишлари, гапира олмаслик, ижодий ёндашувни талаб қилувчи ўйинларни ўйнай олмаслик ҳам аутизм белгилари бўлиши мумкин. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, аутизмга чалинган болаларнинг ҳаракатларида бир хиллик, уйқу бузилишлари, тажовузкорликка мойиллик ва қўрқув ҳам кузатилади.
Аутизм сабаби нима?
Болалардаги аутизмга айнан нима сабаб бўлиши олимлар томонидан бугунги кунга қадар тўлиқ ўрганилмаган. Даун, Патау, Марфан ва бошқа турдаги синдромлардан фарқли равишда аутизмда бемор организмда ҳеч қандай ирсий аномалиялар қайд этилмайди. Экспертлар аутизмга чалинган болаларнинг аксариятида бу ҳолатга туғруқ жараёни ва ҳомиладорлик вақтидаги қийинчиликлар сабаб бўлганини айтишади.
Мия фаолиятида бузилишлар кузатила бошлагач, беморда гиперфаоллик ва интеллектнинг пасайиши қайд этилади. Шунга қарамасдан, мутахассислар аутизмга маълум белгиларга қараб ташхис қўйиш қийин эканлигини айтишади. Аниқ ташхис қўйиш учун шифокор кўмаги ва бир қатор таҳлиллар керак бўлади.
Ташхис қанчалик эрта қўйилса, ота-она ва мутахассислар даволаш жараёнини шунчалик эрта бошлашлари мумкин.
Аутизмга чалинган болаларнинг бир қисми ўрта мактабни тугатишади, касб ўрганишади, нуфузли жойларда ишлашади. Шунга қарамасдан, аутизмга чалинган инсонларнинг шахсий ҳаётни изга туширишлари ва оила қуришлари жуда қийин бўлади.
Аутизмни даволаш мумкинми?
Мутахассислар аутизмни даволаш учун бир нечта усулларни таклиф этишади. Уларнинг айтишларича, кичик ёшдаги беморга ҳар томонлама ёрдам бериш зарур. Яъни, даволаш муолажаси ўзида тиббий аралашувни ҳам, боланинг ижтимоий мослашувини ҳам, руҳий кўмакни ҳам жамлаган бўлиши керак. Айрим ҳолларда нафақат болага, балки унинг ота-онасига ҳам руҳшунос кўмаги керак бўлади.
Касалликни даволаш жараёнида боланинг ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан ўзаро муносабатларини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратилади, унга қўрқувни енгиш, агрессив хуружларга қарши курашиш ўргатилади.
Аутизмга чалинган болаларнинг ота-оналаридан катта масъулият талаб этилади. Энг муҳими, аутизмни – даҳшатли ҳукм дея қабул қилмасликдир.
Аспергер синдроми ҳақида биласизми?
Аспергер синдроми – аутизмнинг бир тури бўлиб, унда ақлий салоҳият сақланиб қолади, бемор атрофдагилар билан кам бўлсада гаплашади, когнитив функциялар яхши ишлайди, ақли заифлик аломатлари кўзга ташланмайди, аммо уларнинг атрофдаги одамларга мослашиб кетишлари қийин кечади. Аспергер синдромига чалинган болалар одамлардан узоқлашишга ҳаракат қилишади, уларнинг гап-сўзларини тушунмасликлари ҳам мумкин. Шу билан бир вақтда унинг ақлий салоҳияти тенгдош болаларникидан кам бўлмайди, интеллектуал йўналишларда улардан ўзиб кетиши ҳам мумкин.
Аспергер синдромига чалинган болалар маълум бир йўналишга қизиқишлари билан ажралиб туришади. Мисол учун, улар телевизордаги битта кўрсатувни тинмай томоша қилишлари, юзлаб ўйинчоқлар орасидан фақат биттасини тинимсиз ўйнашлари мумкин. Бунинг ўзига яраша ижобий томони ҳам бор, аслида. Аспергер синдромига чалинган бола ўзи қизиққан машғулотга диққат-эътибор билан киришади, кичик жиҳатларга ҳам қизиқиш билдиради. Уларнинг аксарият қисми математика, мусиқа, расм чизиш йўналишларида ажойиб натижаларга эришадилар.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!