Сингапур ҳукумати аҳолини ижтимоий тармоқларда узоқ вақт ўтказишдан қайтариш ва китоб ўқишга рағбатлантириш мақсадида янги дастур ишга туширди. Унга кўра, ҳар куни камида 15 дақиқа китоб ўқиган фуқаролар виртуал тангалар билан мукофотланади.
Дастур сентябрь ойидан бошлаб амал қилмоқда. Иштирокчилар махсус давлат сайти орқали ўқишга сарфлаган вақтини қайд этади. 15 дақиқа ёки ундан кўпроқ китоб ўқиган фойдаланувчига 20 та виртуал танга берилади.
1000 та виртуал танга жамғарган иштирокчи 1 Сингапур долларига эга бўлади. Бу тахминан 80 АҚШ сентига тенг. Бир суткада фақат битта ўқиш сессияси ҳисобга олинади. Шу сабабли ҳар куни 15 дақиқадан китоб ўқиган киши 50 кунда 1 Сингапур доллар ишлаб олиши мумкин.
Сингапур Миллий кутубхона кенгаши раҳбари Мелисса Тамнинг таъкидлашича, мунтазам китоб ўқиш одатини шакллантириш учун катта мақсадлардан кўра, кичик ва бажариш осон бўлган қадамлар самаралироқ бўлиши мумкин.
Дастур, шунингдек, аҳолининг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одатларига ҳам эътибор қаратади. Сингапур ҳукумати, хусусан, ёшлар орасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш бўйича турли чораларни кўриб чиқмоқда. Таклифлар орасида кунлик фойдаланиш вақтига лимит ўрнатиш ҳам бор.
Мутахассислар ёшлар орасида ижтимоий тармоқларга қарамлик ва “доомсcроллинг” — салбий ёки хавотирли янгиликларни узлуксиз кузатиб бориш ҳолати кенг тарқалаётганини қайд этган.
Шу билан бирга, Сингапур ёшларининг ўқиш саводхонлиги кўрсаткичлари юқори. 2025-йилги ПИСА халқаро баҳолашида мамлакатнинг 15 ёшли ўқувчилари ўқиш саводхонлиги бўйича юқори натижа қайд этган.
Шундай қилиб, Сингапурда янги дастур китоб ўқишни нафақат фойдали одат, балки кичик молиявий рағбат билан ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!