Ўзбекистонда 2030 йилга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумуш ишлаб чиқаришни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаш йиғилишида маълум қилинди.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга етказиш ва уларнинг мамлакат электр энергияси ишлаб чиқаришидаги улушини 54 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қуриладиган атом электр станциялари эҳтиёжлари учун ҳам етказиб берилади.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Туркия компанияларини тоғ-конь саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва яшил энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.
Ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши электротехника саноати этиб белгиланди. 2030 йилга қадар ушбу тармоқ экспортини 5 миллиард долларга етказиш ва 11,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
Туркия компанияларига мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқариш бўйича ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!