Хорватияда ишлаш учун виза олишга мурожаат қилган 50 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг меҳнат шартномалари сохта экани аниқланган. Натижада уларнинг виза олиш бўйича аризалари рад этилган. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқароларнинг 17 нафари ҳужжатларини хусусий бандлик агентликлари орқали топширган. Текширув натижасида барча аризалар рад этилган.
Миграция агентлиги огоҳлантиришича, сохта ҳужжатлар тақдим этилиши нафақат Хорватияга, балки Шенген ҳудудига ҳам бир неча йил давомида кириш тақиқланишига сабаб бўлиши мумкин.
Агентлик маълумотларига кўра, фирибгарлик ҳолатлари кўпинча Телеграм, Instagram ва WhatsApp орқали бошланган. Фуқароларга хорижда тайёр иш ўринлари, юқори маош ва касб ёки чет тилини билиш талаб этилмаслиги ҳақида ваъдалар берилган.
Шунингдек, хорижда ишга жойлаштириш билан фақат тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари шуғулланиши мумкинлиги эслатилди. Консалтинг фирмаларининг бундай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи йўқ.
Миграция агентлиги хорижий иш берувчи билан тузилган шартноманинг ҳақиқийлигини текшириш учун фуқароларга бепул хизматдан фойдаланишни тавсия қилди. Миграция агентлиги ва ICMPD ҳамкорлигида ташкил этилган Миграция ресурс маркази ҳужжатларни текшириш ва қонуний меҳнат миграцияси бўйича маслаҳатлар беради.
Бунинг учун +998 90 819-06-25 рақамига мурожаат қилиш мумкин. Агентлик фуқароларни хорижга ишга кетишдан олдин ҳужжатларни текширишга ва воситачиларга пул тўлашда эҳтиёт бўлишга чақирди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!