Қирғизистон ҳукумати яна 18 та давлат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, хорижликларнинг мамлакатда визасиз қолиш муддатини 30 кундан 60 кунгача узайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қирғизистон Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги тегишли қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Унга кўра, Индонезия, Филиппин, Иордания, Марокаш, Жанубий Африка Республикаси, Венесуэла, Непал, Тунис, Колумбия, Доминикан Республикаси, Коста-Рика, Эквадор, Перу, Панама, Сейшел ороллари, Гватемала, Тринидад ва Тобаго ҳамда Ямайка фуқароларига визасиз кириш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, амалдаги тартибдаги 60 кунлик давр ичида 30 кун визасиз қолиш муддати 120 кунлик давр ичида жами 60 кунгача узайтирилиши мумкин. Бунда халқаро шартномаларда белгиланган алоҳида қоидалар мустасно ҳисобланади.
Қарор лойиҳаси муаллифларига кўра, амалдаги чекловлар, айниқса, узоқ муддатли саёҳат ва баланд тоғ экспедицияларида қатнашувчи сайёҳлар учун қийинчилик туғдирмоқда. Ленин, Хонтангри ва Ғалаба чўққиларига уюштириладиган экспедициялар иқлимга мослашиш, тайёргарлик ва қулай об-ҳавони кутиш сабабли 45–60 кунгача давом этиши мумкин.
Ташаббусдан кўзланган мақсад хорижий сайёҳлар учун шароитларни яхшилаш, янги туристик бозорларни жалб қилиш ва мамлакатга келадиган сайёҳлар оқимини оширишдан иборат.
Ҳозирда ҳужжат жамоатчилик муҳокамасида. Таклифлар тасдиқланса, янги тартиб кучга кириши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!