Ўзбекистондаги бир қатор интернет нашрлари ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги шикоятлар орқали пул ундириш ҳолатларига дуч келмоқда. Номаълум шахслар нашрларнинг материаллари устидан шикоят юбориб, постлар ўчирилганидан сўнг уларни қайтариб олиш эвазига пул талаб қилмоқда. Бу ҳақда Repost.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, Repost.uz, Pressa.uz ва Oblako.uz нашрларининг Instagram ҳамда Facebook’даги янгилик ва реклама постлари устидан муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақида шикоятлар юборилган. Натижада айрим материаллар платформалар томонидан ўчириб ташланган.
Нашр вакиллари шикоят муаллифлари билан боғланганида, улар даъволарни қайтариб олиш учун пул талаб қилган. Айрим ҳолатларда пул ўтказилганидан кейин шикоятлар бир неча дақиқа ичида бекор қилинган.
Кетма-кет юборилган шикоятлар ОАВ саҳифаларининг чекланиши ёки бутунлай блокланишига олиб келиши мумкин. Бу эса нашрларнинг аудиториясини йўқотиши, реклама шартномаларини бажара олмаслиги ва молиявий зарар кўришига сабаб бўлади.
Шунингдек, айрим саҳифалар блокланганидан кейин номаълум шахслар уларни пул эвазига тиклаб беришни таклиф қилгани айтилмоқда. Бироқ уларнинг ижтимоий тармоқ ходимлари билан алоқаси борлиги ҳақидаги даъволар тасдиқланмаган.
Ҳозирча шикоятларни кимлар юбораётгани аниқланмаган. Repost.uz маълумотига кўра, айрим ҳолатларда бир хил электрон манзиллар ва пул талаб қилишнинг ўхшаш усуллари кузатилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!