Жаҳон банки Ўзбекистонда бирламчи тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида 100 миллион доллар имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Маблағ Самарқанд вилоятида амалга ошириладиган ШИФО-1 дастурига йўналтирилади. Бу ҳақда Жаҳон банки маълум қилди.
Лойиҳа доирасида вилоятдаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда сурункали касалликларни эрта аниқлаш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, 6,4 мингдан ортиқ тиббиёт ходими малака ошириш курсларида ўқитилиб, сертификатланади. Уларнинг 1 250 нафари оилавий шифокор, 5 минг нафари эса ҳамширалардан иборат бўлади.
Дастур доирасида тиббий хизматларни рақамлаштириш учун D-MED миллий платформаси ҳам кенгайтирилади. Натижада 330 минг нафар катта ёшли аҳоли юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича текширувдан ўтказилади, 250 минг нафар беморнинг даволаниш жараёни мунтазам кузатиб борилади.
Жаҳон банки маълумотига кўра, лойиҳа Самарқанд вилоятидаги қарийб 4,3 миллион аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!