Қозоғистонда ёнғин оқибатида икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди.
Олмаотадаги уйда ёнғин чиқиб, беш киши ҳалок бўлган. Бу уйда бир неча оила, жумладан, ўзбекистонликлар ижара асосида яшаган.
26 ноябрга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри Бўстонлиқ районидаги хусусий уйда кучли ёнғин рўй бериши оқибатида беш киши ҳалок бўлди.
«Воқеа жойида беш кишининг жасади топилди, улар орасида вояга етмаган бола ҳам бор», – дейилади Фавқулодда вазиятлар бўйича департамент хабарида.
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиэв Кун.узъга аниқлик киритишича, қурбонлардан икки нафари Ўзбекистон фуқароларидир (1994 йилда туғилган И.Д.Т. ва Е.Ш.К).
Маҳаллий нашрларга кўра, ёнғин умумий йўлакли ва саккизта хонадан иборат уйда рўй берган. Бу хоналар алоҳида оилаларга ижарага берилганди.
Уйда яшаганлардан 9 нафари омон қолган. Улар вақтинча яшаш марказларига жойлаштирилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда уй аланга ичида қолганини кўриш мумкин. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш учун бир соат вақт сарфлаган.
Ёнғин оқибатлари акс этган видеодан кадр
Ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби номаълум.
Ҳолат бўйича Олмаота ИИВ томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон ТИВга кўра, вазият Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонаси томонидан назоратга олинган, маҳаллий идоралар билан алоқа ўрнатилган, вафот этган фуқароларнинг жасадини ватанга юбориш чоралари кўрилмоқда.
Бир неча кун олдин Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида қурилиши тугалланмаган ресторан биносида ёнғин чиққани, натижада шу ерда ишлаган икки ўзбекистонлик вафот этиб, яна бир киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!