“Имарат”ни реклама қилган блогер “сувдан қуруқ чиқадими”?
“Xabardor.uz” томонидан “Imarat Development” номи билан танилган қурилиш лойиҳаларини реклама қилган блогерлар ва таниқли шахсларнинг жамоатчилик олдидаги масъулияти ҳамда уларнинг қонуний жавобгарлиги масаласида эълон қилинган мақола кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Юзлаб фуқаролар бу борада ўз муносабатини билдирди.
Мазкур мавзуни давом эттириб, қурилиш лойиҳаларидан уй сотиб олишни тарғиб қилган ва қилаётган блогерларнинг ҳуқуқий жавобгарлиги чегаралари ҳамда бу жавобгарлик юзага келадиган ҳолатларни батафсил кўриб чиқамиз.
Умумий қоидага кўра, реклама тарқатувчи бўлган блогер ёки реклама агентлиги қурувчининг вакили ҳам, унинг бизнес шериги ҳам ҳисобланмайди. Яъни қурувчи уйни вақтида топширмаса ёки шартнома шартларини бузса, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик бевосита шартнома тузган қурувчи зиммасида бўлади. «Реклама тўғрисида»ги Қонун ҳам реклама тарқатувчининг масъулиятини рекламанинг мазмуни ва уни тарқатиш тартиби билан чеклайди.
Аммо бу — “блогер ҳеч нарсага жавоб бермайди”, дегани эмас! Қонунчиликда ва реал ҳаётда блогерни жавобгарликка тортишга асос бўладиган жиддий ҳолатлар мавжуд.
Мазкур ҳолатлар юзасидан “Xabarodr.uz” жамоаси аҳолининг фикрини ўрганиш учун сўровнома ўтказди.
Хўш ўзи реклама нима? Аслида блогерлар қачон реклама тарқатувчи ҳисобланади? Қандай ҳолатда жавобгарликка тортиладию қандай ҳолатда қонуний ҳаракат қилади? Ушбу саволлар юзасидан мутахассисга юзландик.
Хўш Имарат иши доирасида қурилиш лойиҳаларини реклама қилган блогерлар ва таниқли шахслар ўртасида ёзма шартнома тузилганми? Биз IMARAT компанияси, блогерлар ва таниқли шахслар билан боғландик! Гувоҳи бўлганингиздек, Имарат компаниясидан саволимизга жавоб ололмадик ва бизга қайтиб алоқага ҳам чиқишмади. Акмал Мирзо билан боғланганимизда эса оғзаки шартнома тузилганини таъкидлади.
Ўзи блогер қачон реклама тарқатувчи ҳисобланади?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, реклама тарқатувчилар сифатида:
· ижтимоий тармоқларда фаолият юритувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар;
· якка тартибдаги тадбиркорлар;
· реклама агентликлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа юридик шахслар иштирок этиши мумкин.
Қонуний тартибга кўра, реклама фаолияти реклама берувчи ва реклама тарқатувчи ўртасида ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси асосида амалга оширилади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ёзма шартнома тузилмаган тақдирда ҳам, шахс ўз саҳифасида муайян уй-жойни сотиб олишга оммавий равишда даъват қилса, у де-факто реклама тарқатувчи деб топилади. Шартнома йўқлиги уни қонун талабларидан озод қилмайди, аксинча, қурувчига “шерик” эмаслигини исботлашда унинг ўзига қийинчилик туғдиради.
Нима учун расмий шартнома ва шаффоф тўлов муҳим?
1. Ёзма шакл мажбурияти. Қонунчилик талабига кўра, юридик шахс буюртмачи ёки ижрочи бўлган битимлар ёзма (қоғоз ёки электрон) шаклда тузилиши шарт. Ўзбекистонда кўп квартирали уйларни қурилиш даврида улуш киритиш асосида сотиш ҳуқуқи эса фақат юридик шахсларга берилган.
2. Ҳисоб-китоб тартиби. Буюртмачи бўлган юридик шахс кўрсатилган хизмат учун тўловни банк ҳисобрақами орқали, миллий валютада ва белгиланган бухгалтерия ҳужжатлари асосида амалга ошириши лозим. Реклама учун хизмат ҳақини ҳужжатсиз нақд пулда, айниқса чет эл валютасида олиш қонунчиликка зиддир.
3. Солиқ мажбурияти. Агар жисмоний шахс юридик шахсга хизмат кўрсатса, юридик шахс солиқ агенти сифатида тўланаётган маблағдан даромад солиғини ушлаб қолиши шарт. Якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс эса ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб, даромадидан белгиланган солиқни тўлайди.
Реклама тарқатувчининг ёзма шартнома тузмасдан, тўловни нақд шаклда қабул қилиб, солиқларни тўламасдан фаолият юритиши ноқонуний тадбиркорлик ва солиқ қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланади. Бундан ташқари, агар блогер қурилиш объектининг рухсатномаси йўқлигини била туриб, одамларни “ҳамма ҳужжатлари жойида” деб қасддан алдагани исботланса, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилади. Маблағларни ўзлаштиришда қурувчи билан тил бириктиргани аниқланса эса, жиноий жавобгарлик (фирибгарликка шериклик) ҳамда Фуқаролик кодексининг 985-моддаси тартибида етказилган зарарни ундириш масаласи кўриб чиқилади.
Гап фақат тўлов интизоми ва солиқда эмас
Масаланинг энг оғриқли жиҳати шундаки, қурилиши битмаган уйларни шартномасиз, хизмат ҳақини ҳужжатларда акс эттирмасдан, нақд пул эвазига реклама қилиш — қурувчи билан муносабатлар қанчалик шаффоф эканини текшириш учун жиддий сигналдир.
Чунки қурилиш аҳолидан йиғилган маблағлар ҳисобидан олиб борилаётган бир пайтда, гап шунчаки реклама бюджети ҳақида кетмаяпти. Гап кимнингдир йиллаб мисқоллаб тўплаган жамғармаси, кимнингдир фарзандлари келажаги учун атаб олган бошпанаси ҳақида кетмоқда.
Шундай экан, блогерлар ўзларига: “Нега шартнома тузилмаяпти? Менга хизмат ҳақи сифатида берилаётган нақд пуллар қаердан олинган? Бу оддий одамлар квартира учун тўлаган пуллар эмасми? Яна қанча маблағ шу тарзда ҳисобдан ташқари сарфланмоқда?” — деган саволларни бериши шарт.
Ривожланган давлатларда “ўз мижозингни бил” (KYC) тамойили асосида ҳар бир ҳамкорнинг фаолияти қонунийлигини олдиндан ўрганиб чиқиш амалиёти йўлга қўйилган. Сабаб оддий: обрўни сақлаш учун танланган ҳамкор ҳалол бўлиши керак. Албатта, рекламага пул сарфлашнинг ўзи қонунбузарлик эмас. Аммо қурилиш тўхтаб, юзлаб одамлар кўчада қолган бир пайтда, ҳужжатсиз ва нақд шаклда тўланган реклама пулларининг манбаи ҳамда тақдири тергов органлари томонидан текширилиши табиий.
“Мен шунчаки меҳмон бўлиб борганман...”
Айримлар: “Реклама қилмаганман, шунчаки меҳмон бўлиб борганман, пул ҳам олмаганман”, дея ўзини оқлашга уриниши мумкин.
Аммо меҳмон бўлиб бориш бошқа, ўша ташрифни минглаб одамларга намойиш қилиб, қурувчини мақташ ва одамларни ундан уй сотиб олишга ундаш бошқа! «Меҳмон эдим» деган изоҳ ёки ҳақ олинмагани тўғрисидаги важ тарқатилган ахборотни реклама эмас, деб ҳисоблаш учун асос бўла олмайди. Лавҳа, суҳбат ва тавсияларнинг мазмуни, мақсади ҳамда тарқатилиш ҳолатларига ваколатли органлар ҳуқуқий баҳо бериши лозим.
Хорижда ҳам машҳурлик жавобгарликдан қутқармайди
Жаҳон амалиётида «мен шунчаки реклама қилганман» деган баҳона аллақачон ўз кучини йўқотган. Масалан, Қозоғистонда одамлардан маблағ жалб қилишга рухсати бўлмаган қурилиш объектларини реклама қилган «Криша.кз» ва «Кортер.кз» платформаларига миллионлаб тенге жарима солинган бўлса, 2023 йилда «Mudarabah Capital» молиявий пирамидасини реклама қилган вайнерлар ҳам жиноятга шерик деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди.
Туркияда эса Савдо вазирлиги ҳузуридаги Реклама кенгаши блогерларнинг «ўзимга ёқгани учун тавсия қилдим» қабилидаги яширин рекламалари учун 550 минг турк лирасидан бошланадиган жарималарни қўлламоқда. Шунингдек, Туркияда ижтимоий тармоқларда расмий верификациядан ўтмаган уй-жой эълонларини жойлаштириш бутунлай тақиқланиб, қоидабузар аккаунтлар блокланмоқда.
АҚШда эса кўчмас мулкдан бойишни ваъда қилган шубҳали ўқув дастурларини тарғиб этган ижтимоий тармоқ фаоллари Дин Гратсиози ва Скотт Янси суд қарорига кўра жабрланувчиларга мос равишда 1,25 миллион ва 450 минг доллар тўлаб берган. Жавобгарлик фақат хизматни сотган компания билан чекланмади — уни тарғиб қилган машҳур шахсларга ҳам етиб борди.
Эслатиб ўтамиз, “IMARAT” иши бўйича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик»), 192 прим.11-моддаси («Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда прокуратура томонидан назоратга олинган.
Иш бўйича гумонланувчилар Марат Хамдамов ва Жасур Азизовларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Улар ҳозирда тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Хулоса шуки, реклама фаолиятида даромадини яширган, солиқ мажбуриятларини бажармаган ёки реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳар бир шахс — блогерми, реклама агентлигими, таниқли санъаткорми ёки касби ва диний-маърифий фаолияти туфайли эл ишончини қозонган инсонми — содир этган ҳуқуқбузарлиги учун қонун олдида жавоб бериши шарт. Машҳурлик ҳам, халқнинг ҳурмати ҳам қонун олдида дахлсизлик бермайди.
Шундагина реклама тарқатувчи ҳақ олишдан олдин нимани тарғиб қилаётгани, қандай ҳужжатларга таянаётгани ва одамларга нима ваъда бераётгани ҳақида жиддий ўйлайди. Чунки одамлар айнан сизга ишониб, баъзан бир умр йиққан пулини қурувчига топширади. Қурувчи эса нопок бўлиб чиқади. Реклама тугайди, аммо алданган одамларнинг дарди йиллаб қолади.
Бизни кузатишда давом этинг кейинги видеоларимизда ҳам нотўғри реклама ортидан азият чекаётганлар ҳақида сўз юритамиз!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!