Таълим вазирига ходимларни суҳбат асосида ишга олиш ваколати берилди.
Президент қарори билан, таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга истисно ваколат берилди: у 2027 йил 1 февралгача вазирлик марказий аппаратига ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қила олади. Вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолият юритади.
“Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Таълим ва илм-фан вазирлиги таълим, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Вазирга истисно тариқасида вазирликнинг марказий аппаратига 2027 йил 1 февралга қадар ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилади.
Вазирликда аутсорсинг асосида қуйидаги фаолият йўлга қўйилади:
аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтириш мақсадида “Call-марказ”;
аҳоли ҳамда таълим ва илм-фан тизими ходимлари билан тизимли мулоқотни таъминлаш, таълим хизматлари сифати, оммабоплиги ва мавжуд муаммолар юзасидан тезкор ахборот олиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида қайта алоқа тизими.
Таълим ва илм-фан вазири ҳузурида таълим олувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.
Вазирлик ҳайъати вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, Вазирлик ҳузуридаги агентликлар директорлари, шунингдек, етакчи олий таълим ташкилотлари ректорлари, олимлар ва педагоглар орасидан 15 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.
Қарорга биноан:
Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади;
Вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ташкил этилади;
Вазирлик ҳузурида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил қилинмоқда;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти тугатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, таълим ва илм-фан вазири этиб Эркинжон Турдимов тайинланган. Куни кеча унинг ўринбосарлари маълум бўлганди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!