2026-йил 1-октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 млн 841 минг 475 нафар фуқаро “Кредитга тақиқ” хизматидан фойдаланган. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) маълум қилди.
Марказ маълумотларига кўра, хизматдан фойдаланганларнинг 1 млн 656 минг 387 нафари эркаклар, 1 млн 185 минг 88 нафари эса аёллардир. 1-июль ҳолатида хизматга уланганлар сони 2 млн 574 минг 26 нафарни ташкил этган. Шу тариқа, уч ой ичида фойдаланувчилар сони 267 минг 449 нафарга ёки 10,4 фоизга ошган.
“Кредитга тақиқ” хизмати фуқароларга ўз номига кредит, микрокредит ёки кредит картаси расмийлаштирилишини тақиқлаш имконини беради. Хизмат 6-июндан ишга туширилган бўлиб, унинг асосий мақсади шахснинг хабарисиз ёки иштирокисиз кредит расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олишдир.
Хизматдан бепул фойдаланиш мумкин. Фуқаролар тақиқни исталганча ўрнатиши ёки олиб ташлаши мумкин. Бунинг учун КАТМ мобил иловаси, кредит бюросининг расмий сайти ёки cалл-маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш мумкин.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кибержиноятлар орқали 1,9 трлн сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинган. Ушбу ҳолатларнинг 4 фоизи фуқаролар номига онлайн кредит расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган.
Шунингдек, Марказий банк бошқарувининг 22-апрелдан кучга кирган қарорига мувофиқ, фирибгарлар томонидан номига онлайн кредит расмийлаштирилган фуқаролардан ушбу кредит бўйича фоизлар, неустойка ва жарималарни ҳисоблаш ҳамда ундириш тўхтатилади. Жабрланувчидан ундирилган тўловлар эса суд қарори ёки ажрими асосида қайтарилиши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!