Польша Миллий мудофаа вазирлиги мамлакатнинг уруш ва замонавий хавфсизлик таҳдидларига тўлиқ тайёргарлигини таъминлашга қаратилган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Рзеcзпосполита хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳужжат Польша мудофаа қобилиятини кучайтириш, қуролли кучлар ҳамда ички хавфсизлик учун масъул хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш ва амалдаги қонунчиликни замонавий таҳдидларга мослаштиришни кўзда тутади. Улар қаторида гибрид таҳдидлар, киберҳужумлар ва дезинформация ҳам бор.
Қонун лойиҳаси қўшинларни, жумладан, иттифоқчи кучларни зарур ҳолларда тезкор қайта жойлаштириш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда. Шунингдек, Польша мудофаа бўйича ҳаракат режаларини НАТОнинг тегишли тизимлари билан мувофиқлаштириш ва зарур инфратузилмани олдиндан тайёрлаш кўзда тутилган.
Ҳужжатда давлат мудофаасини бошқаришда иштирок этадиган идора ва муассасалар рўйхатини кенгайтириш ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари, доимий навбатчилик тизими, оператив режалаштириш, мудофаа дастурлари ва тегишли машғулотларни ташкил этиш тартибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Мудофаа вазирлиги ҳозирда давлат мудофаасига тайёргарлик ва уни бошқариш бўйича ваколатлар Вазирлар Кенгашининг турли қарорлари билан тартибга солинишини қайд этган. Янги қонун ушбу масалаларни ягона ҳуқуқий асосга келтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси ҳозирча вазирликда ишлаб чиқиш босқичида. Уни Польша Сеймига қачон киритиш масаласи ҳозирча маълум эмас. Миллий хавфсизлик бюроси ҳам ҳужжатнинг якуний йўналишлари билан танишишни кутмоқда.
Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш қонунчиликка ўзгартириш киритиш заруратини мамлакат чегаралари яқинида ракета ва дронлар билан боғлиқ ҳодисалар кўпайгани билан изоҳлаган.
Аввалроқ Латвия НАТО доирасида жамоавий қарор қабул қилинса ва зарурат туғилса, ўз ҳудудида ядровий қурол жойлаштириш имкониятини кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!