Қирғизистонда прокурорлар “75 мактуб” иши бўйича барча айбланувчиларга 9 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўради. Айбланувчилар орасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев ҳам бор. Бу ҳақда АКИпресс хабар берди.
29 июнь куни Бишкекдаги Первомай туман судида ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўриш айблови юзасидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда прокурорлар барча айбланувчиларни айбдор деб топиш ва уларни 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этишни сўради. Айбланувчилар орасида Қамчибек Ташиев, депутат Курманкул Зулушев, Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ҳамда ҳибсга олинган беш нафар сиёсатчи бор. Хусусан, Бекболот Талгарбеков, Эмилбек Узоқбоев (Қирғизистоннинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва Ўзбекистондаги собиқ элчиси), Аали Карашев, Курманбек Дийканбаев ва Курсан Асанов тергов ҳибсхонасидан судга олиб келинган.
“75 мактуб” иши Жорий йил февраль ойида 75 нафар фуқаро президент Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш раисига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишни сўраб мурожаат йўллаган эди. Кейинчалик мурожаат муаллифлари қўлга олиниб, айримларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Мазкур воқеадан сўнг Қамчибек Ташиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Президент Садир Жапаров эса Ташиевнинг “75 мактуб”га алоқадорлигига ҳуқуқий баҳони тергов ва суд беришини маълум қилган. 29 июнь кунги суд мажлисида Қамчибек Ташиев прокурорларни айбловдан воз кечишга чақирди. Адвокатлар бу таклифни қўллаб-қувватлади, бироқ прокуратура вакиллари бунга муносабат билдирмади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!