2026 йилнинг январь–сентабр ойларида Тошкент шаҳрида 15–16 ёшли қизлар ўртасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати аниқланган. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 13 ноябрдаги қарорида маълум қилинган.
Ҳужжатда келтирилишича, 2025 йилнинг шу даврида ҳам мазкур ёш тоифасидаги қизлар ўртасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати қайд этилган.
Ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида 41 993 нафар тирик чақалоқ туғилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 47 703 нафар кўрсаткичдан 5 710 тага кам. Шунингдек, икки йилгача оралиқда фарзанд кўрган аёллар сони 2 054 нафарни ташкил этиб, 2025 йилга нисбатан 133 нафарга ошган.
Бундан ташқари, 35 ёшдан катта аёллар томонидан 2 898 та туғруқ қайд этилган. Тўртинчи ва бешинчи фарзандини дунёга келтирган аёллар сони эса 3 149 нафарни ташкил қилган.
Қарорда 2026 йилнинг январь–сентабр ойларида оналар ўлими билан боғлиқ 5 та ҳолат қайд этилгани ҳам кўрсатилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 6 тани ташкил этган.
Шунингдек, ҳужжатда 15–16 ёшли қизлар ўртасида ҳомиладорлик ҳолатларининг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари, маҳаллалар ва оилалар билан профилактик ишларни ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!