Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб 6 ёшли болаларни бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 10 ноябрда имзоланган фармон билан тасдиқланган миллий дастурда белгиланган.
Фармон билан 7 та миллий дастур ҳамда уларни 2027–2031 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Улардан бири таълим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган.
Режага кўра, 2026 йил декабргача ҳудудларда мактабга тайёрловга бўлган эҳтиёж ўрганилиб, зарур педагоглар ва жиҳозлар сони аниқланади. Бепул тайёрлов гуруҳлари ташкил этиладиган хоналар 2027–2028 йилларда мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланади.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 та боғча қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Осиё тараққиёт банки кўмагида Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида 500 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади.
Бундан ташқари, хусусий боғчалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ер ажратиш ва имтиёзли кредитлар бериш механизмлари ишлаб чиқилади. Нодавлат боғчалар тарбиячилари учун замонавий педагогик методикалар, видеодарслар ва ўқув материалларини жамлаган «Тарбиячи» таълим платформаси ҳам яратилади.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларига бюджет субсидияларини ажратишда таълим сифатини ҳисобга оладиган янги механизмлар жорий этилиши белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!