Тошкент шаҳрида ижтимоий тармоқларда тарқалиб, аҳоли орасида хавотир уйғотган учта ҳолат ички ишлар органлари томонидан ўрганилди. Натижада такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасидаги жанжал саҳналаштирилгани, Юнусободдаги йигитларнинг қўлида пичоқ бўлгани ҳамда мактаб ўқувчиси гиёҳвандлик моддаси қўшилган конфет сабаб вафот этгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи ҳолатда ижтимоий тармоқларда такси ҳайдовчиси ва йўловчи аёл ўртасидаги жанжал акс этган видео тарқалган эди. Унда аёл автомобилда қолдириб кетган сумкасидан пул йўқолганини даъво қилиб, ҳайдовчини ўғирликда айблагани тасвирланган. Текширувда ушбу воқеа эр-хотин томонидан олдиндан уюштирилгани ва видео саҳналаштирилгани аниқланган.
Иккинчи ҳолат Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида тасвирга олинган видео билан боғлиқ. Унда уч нафар йигитнинг пичоқ билан юргани ҳақида хабар тарқалган. ИИББ маълумотига кўра, улар аниқланган ва текширув давомида босқинчилик ёки ўғирликка алоқаси йўқлиги, шунчаки адашиб қолган йигитлар экани маълум бўлган. Уларнинг қўлида пичоқ бўлгани ҳақидаги маълумот ҳам тасдиқланмаган.
Учинчи ҳолатда эса мессенжер гуруҳларида тўртинчи синф ўқувчиси гиёҳвандлик моддаси қўшилган конфет истеъмол қилгани сабаб вафот этгани ҳақида хабар тарқалган. Ички ишлар органлари ўрганишлари натижасида Тошкент шаҳрида бундай ҳодиса содир бўлмагани аниқланган.
ИИББ мазкур ҳолатлар юзасидан тарқалган хабарларнинг асоссиз эканини маълум қилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!