2026 йил 13 ноябрь куни АҚШнинг Нью-Орлеан шаҳрида Миссисипи дарёсида танкер кемаси круиз кемаси билан тўқнашди. Ҳодиса оқибатида йўловчи кемаси ағдарилиб, дарёга чўкиб кетди. Воқеа вақтида ўнлаб одамлар сувга тушиб кетган, 32 киши шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Нью-Орлеан мери Ҳелена Моренонинг маълум қилишича, “Atlantic Asphalt” танкери бошқарувни йўқотиб, бандаргоҳда турган “American Cruise Lines” компаниясига тегишли “American Heritage” круиз кемасига урилган. Тўқнашувдан сўнг йўловчи кемаси сувга бота бошлаган ва кўп ўтмай ағдарилиб, чўкиб кетган.
Ҳодиса вақтида кемада тахминан 180–190 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган. Нью-Орлеан порт полицияси раҳбари Мелани Монтроллнинг айтишича, 87 нафар йўловчи кема ағдарилишидан олдин уни тарк этишга улгурган. Қолганларни қутқаришда порт хизмати ходимлари, ўт ўчирувчилар ва яқин атрофдаги кемаларда бўлган одамлар қатнашган.
Шифохонага ётқизилган 32 кишининг ҳеч бирининг аҳволи оғир эмас. Мер Ҳелена Морено ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлигини маълум қилган.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати тўқнашувдан сўнг ҳодиса ҳудудида дарё транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилганини билдирган. Дастлабки тахминларга кўра, танкернинг бошқарув тизимида носозлик юз берган бўлиши мумкин. Бироқ тўқнашувнинг аниқ сабаби ҳозирча номаълум, ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!