Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташриф буюрди. Делегация аъзолари шаҳарда Алишер Навоий хотирасига бағишлаб барпо этилаётган ёдгорлик қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Делегация таркибидан Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, тегишли идоралар масъуллари ва тадбиркорлар ҳам ўрин олган. Ўзбекистон вакилларини Ҳайратон чегара постида Балх вилояти ҳокими ўринбосари Нурул Ҳода Абу Идрис бошчилигидаги расмийлар кутиб олган.
Ташриф давомида делегация аъзолари Мозори Шариф шаҳри марказидаги “Ғозийлар қалъаси” кўчасида қурилаётган Алишер Навоий ёдгорлиги билан танишган. Қайд этилишича, лойиҳа ўзбекистонлик муҳандислар томонидан ишлаб чиқилган ва қурилиш ишлари якуний босқичга етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мозори Шарифдаги Алишер Навоий ҳайкали маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Афғонистон томони эски ҳайкал ўрнида аллома хотирасига муносиб янги ёдгорлик барпо этилишини билдирган.
Шунингдек, 2023 йил февраль ойида ҳам шаҳардаги Алишер Навоий ҳайкали қисман бузиб ташланган эди. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ушбу ҳолатни вандализм деб атаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!