Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 3,1 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд дори воситалари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан бир неча шахс қўлга олиниб, жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, Самарқанд вилоятида ДХХ, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1987 ва 1994 йилларда туғилган икки шахс 1 килограмм 950 грамм опийни шартли харидорга 36 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди. Мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган наркотик модда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Хоразм вилоятининг Урганч туманида эса 1999 йилда туғилган шахс вақтинча яшаб турган хонадонидан чиқаётганида тўхтатилган. Шу пайтда унинг таниши бўлган аёл хонадон деразасидан ташқарига целлофан пакет улоқтирган. Пакет кўздан кечирилганда, ундан 715 грамм гашиш, 0,92 грамм мефедрон ҳамда таркибида прегабалин моддаси бўлган 23 дона “PGN 300” таблеткаси аниқланган.
Қашқадарё вилоятидаги “Умакай” йўл-патруль хизмати масканида Сурхондарёдан Тошкентга ҳаракатланаётган Cobalt автомобили тўхтатилиб текширилган. Натижада Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган йўловчининг ёнидан 327 грамм опий ва 127 грамм гашиш топилган. Маълумотларга кўра, ушбу моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!