Хитойнинг Хенан провинциясида ресторанлар тармоғи раҳбари Ма Янли юқори натижаларга эришган ходимларига BMW русумли автомобиллар совға қилди. Ҳар бир автомобилнинг қиймати 300 минг юань ёки тахминан 45 минг долларни ташкил этади. Бу ҳақда «Соутҳ China Morning Post» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Сзяочжо шаҳридаги мол гўштли хотпот ресторанлари тармоғи эгаси ходимларининг қишнинг совуқ кунларида электр скутерларда ишга қатнашидан таъсирланган. Хусусан, саккиз йилдан бери ресторанда ишлайдиган Ли Сзе исмли ходимасининг совуқдан юзи қизариб, қулоқлари бинафша тусга киргани ва қўллари музлаб қолганини кўргач, унга автомобиль совға қилишга қарор қилган.
Тадбиркор 24 сентябрь куни бир нечта ходими билан BMW автомобилларини харид қилишга борган. Ходималардан Ли Сзе оқ рангли, Лю Инъин эса кулранг BMW автомобилига эга бўлган. Машиналар янги эгаларининг номига расмийлаштирилган, улар автомобиллар учун пул тўламаган. Шунингдек, совғалар эвазига ходимлардан қўшимча шартномалар имзолаш талаб қилинмаган.
«Мен ўзимнинг машинамда иссиқ ва қулай шароитда юра оламан. Нега у ҳам бундай имкониятга эга бўлмаслиги керак?» — деган Ма Янли.
Тадбиркор компания муваффақияти барча ходимларнинг биргаликдаги меҳнати натижаси эканини таъкидлаган. Умумий овқатланиш соҳасида 20 йилдан бери фаолият юритаётган Ма Янли ходимларига аввал ҳам байрамларда пул мукофотлари ва кундалик эҳтиёж буюмларини совға қилиб келган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!