Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган “Ғамхўрлик” марказида тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний зўравонлик қилингани аниқланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда марказдаги ҳолатлар акс этган видеолар тарқалганидан сўнг, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан текширув ўтказилган.
Ўрганишлар давомида видеоларда акс этган ҳолатлар тасдиқланган. Натижада 6 нафар тарбиячи ва 1 нафар ҳамшира эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинган.
Шунингдек, тарбиячилар фаолиятини етарли даражада назорат қилмаган масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилган.
Марказдаги тарбияланувчиларнинг соғлиғи ҳам назоратга олинган. Тиббиёт бирлашмаси мутахассислари жалб қилиниб, болалар тиббий кўрикдан ўтказилган.
Бундан ташқари, болалар фойдаланадиган ўйин майдонлари атрофига қўшимча кузатув камералари ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик, бепарволик ёки уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар ҳақида 1246 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бериш мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!