Ўзбекистонда келаси йили 10 минг нафар фуқарони касб ва немис тилига ўқитиб, Германияда ишга жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига «Интил» халқаро ўқув маркази тажрибасини ўрганиш ва келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини ташкил этиш топширилди. Ушбу мақсадлар учун ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.
Давлат раҳбари немис тилини ўргатишда инглиз тили бўйича қўлланилаётган ёндашувни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
«Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак», — деди Президент.
Шу мақсадда келаси йили мактаб ва техникумларда немис тилидан дарс бериш учун 500 нафар тил эгасини жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси келаси ўқув йилидан икки баравар оширилади.
Йиғилишда Германия, Япония ва Жанубий Кореянинг йирик компаниялари Ўзбекистон техникумларида ўз эҳтиёжлари учун мутахассис тайёрлашга қизиқиш билдираётгани қайд этилди. Хорижий компаниялар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим муассасаларини зарур жиҳозлар билан таъминлашга сармоя киритишга тайёр.
Президент бир ой муддатда 20 та техникумни танлаб, келгуси йилдан уларни хорижий иш берувчилар талабларига мувофиқ кадр тайёрлашга мослаштириш топшириғини берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!