Ўзбекистонда ҳар йили камида 30 минг нафар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассис тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ҳар бир вилоятдаги 2–3 тадан техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш таклиф этилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, қурилиш, саноат ва логистика соҳаларида малакали кадрларга талаб мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам ортиб бормоқда. Шу муносабат билан Сергелидаги «Тошкент қувур заводи» ўз усталарини жалб этган ҳолда йилига 2,5 минг нафар пайвандчи, электрик ва чилангар тайёрлаш ташаббусини билдирган.
Режага кўра, тадбиркорлар техникумларни 15 йил муддатга бошқаради. Улар орқали иш жойида дарҳол фаолият бошлашга тайёр мутахассислар тайёрланади. Битирувчиларга давлат намунасидаги малака сертификати берилади.
Шунингдек, тадбиркорларнинг кадр тайёрлаш ва ускуналар харид қилиш учун сарфлаган маблағларини тўланган солиқлардан чегириш механизми жорий этилади. Хорижда яхши ишга жойлашган ҳар бир битирувчи учун грант ажратиш тизими ҳам йўлга қўйилади. Техникумлар хорижий иш берувчилар билан бевосита боғланади.
«Мен ишонаман: чемпион тадбиркорларимиз чет элда “ўзбек мутахассислари бренди”ни яратишда ҳам давлатга кўмакчи бўлади», — деди Президент.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!