Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграциясига бағишланган йиғилишда ҳудудлар кесимида хорижда ишлаётган фуқароларнинг ўртача пул ўтказмалари ўртасида катта тафовут борлигини қайд этди. Айрим вилоятларда бир мигрантга тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси 1 850 долларга етган бўлса, бошқа ҳудудларда бу кўрсаткич 400–700 доллар атрофида қолмоқда.
Келтирилган маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида хорижда ишлаётган бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси 1 850 долларни ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 400 долларга, Сирдарёда 500 долларга, Жиззах ва Навоийда 600 долларга, Сурхондарё ва Хоразмда эса 700 долларга ҳам етмайди.
Йиғилишда ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарларига фуқароларни юқори даромадли ишларга тайёрлаш бўйича фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
«Аслида, инсон қаерда ишлаши, қанча маош олиши, ҳуқуқини ким ҳимоя қилишини билиб бориши керак!» — деди Президент.
Давлат раҳбари хорижий меҳнат бозорларига чиқишда элчилар, ҳудудий ҳокимликлар ва техникумлар ўзаро ҳамкорликда ишлаши лозимлигини таъкидлади. Германия, Туркия, Словакия ва Қатарда хорижий ҳамкорларни топиш, уларни техникумлар билан боғлаш ҳамда фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича ижобий тажрибалар мавжудлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, бошқа мамлакатлардаги айрим элчиларнинг меҳнат миграцияси бўйича фаолияти суст экани танқид қилинди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!