Ўзбекистон келгуси йилда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқида маълум қилди.
Бугун, 24 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош штабида бўлиб ўтаётган нуфузли глобал анжуманда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади. У ўз чиқишида бугунги кундаги энг долзарб ва ўткир халқаро муаммоларга эътибор қаратди.
Хусусан, Саида Мирзиёева дунё ҳамжамиятига фақат қоғозда қолмайдиган, балки ҳар бир мамлакатнинг манфаатини ҳимоя қиладиган қудратли ва адолатли ташкилот сувдай зарурлигини таъкидлади.
«Бизга фақат қарор қабул қиладиган эмас, қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак», — дея қайд этди Президент Администрацияси раҳбари.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон БМТ Бош котибининг ташкилотни замон талабларига мослаштиришга қаратилган «БМТ-80» ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, у хавфсизликни таъминлаш борасидаги тузилмаларни ислоҳ қилиш бўйича муҳим таклифни илгари сурди:
«Биз БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибини бугунги куннинг замонавий реалликларидан келиб чиққан ҳолда кенгайтириш тарафдоримиз», — деди Саида Мирзиёева.
Нутқ давомида Ўзбекистон келгуси йилда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишини расман эълон қилинди. Мамлакатимиз мазкур масъулиятли вазифани дунёда қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар кескинлашган бир даврда давлатлараро ўзаро мулоқот учун янги ва конструктив майдон очиш имконияти сифатида баҳолайди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!