Европа Иттифоқига аъзо давлатлар россиялик миллиардерлар УСМ Ҳолдингс асосчиси Алишер Усмонов ҳамда Алфа-групп ҳаммуассиси Михаил Фридманни санксиялар рўйхатидан чиқариш бўйича келишувга эришди.
Маълумотларга кўра, Россияга қарши санксиялар рўйхатида қарийб 3 минг нафар жисмоний ва юридик шахс мавжуд бўлиб, илгари ушбу чекловлар ҳар 6 ойда барча 27 давлатнинг розилиги билан узайтириб келинган. Янги келишувга кўра, санксиялар 2029 йил 22 сентябргача амал қилади.
Усмонов ва Фридманга нисбатан санксияларни бекор қилиш масаласи сўнгги ҳафталарда ЕИ давлатлари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аввал Словакия, кейинроқ Франсия Усмоновни санксиялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилган бўлса, Люксембург Фридманга нисбатан чекловларни бекор қилишни сўраган.
Франсия ўз талабини миллий хавфсизлик масалалари билан изоҳлаган. Парижнинг Усмонов бўйича позитсияси Озарбайжон билан маҳбусларни озод қилиш бўйича музокаралар билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, Усмоновни санксиялар рўйхатидан чиқаришни Туркия ва Ўзбекистон ҳам илгари қўллаб-қувватлаган. Фридман масаласида эса Люксембургнинг позитсияси бизнесменнинг мамлакат ҳукуматига қарши киритган йирик даъвоси билан боғланган.
Дастлаб Латвия Усмонов ва Фридманга нисбатан санксияларни бекор қилишга қарши чиққан Европа Иттифоқидаги ягона давлат бўлган. Бироқ кейинчалик Рига ўз ветосини қайтариб олиб, конструктив бетарафлик позитсиясини танлаган. Шундан сўнг ЕИ Кенгаши санксиялар муддати узайтирилганини расман маълум қилди.
Усмонов ва Фридманга қарши санксиялар Европа Иттифоқи томонидан 2022 йилда, Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари бошланганидан кейин жорий этилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!