Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Аргентина билан режалаштирилган ўртоқлик учрашуви нима сабабдан амалга ошмаганини тушунтирди. Бу ҳақда у 23 сентябрь куни Эрон терма жамоасига қарши баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Мураббийнинг сўзларига кўра, томонлар ўртасида музокаралар олиб борилган, бироқ аргентиналиклар ўйинга уч ҳафта қолганида тўсатдан учрашувни бекор қилишган.
«Биз Аргентина билан музокаралар олиб бордик. Ўйинга уч ҳафта қолганида улар учрашувни бекор қилди. Бу Месси билан боғлиқ эди. У фаолиятини якунлашга қарор қилган ва терма жамоадаги сўнгги учрашувини Аргентинада ўтказишни хоҳлаган», — деди Фабио Каннаваро.
Ушбу ўйин барбод бўлгач, қисқа фурсат ичида бошқа топ-даражадаги жамоани рақиб сифатида топиш имкони бўлмаган. Шу сабабли Ўзбекистон терма жамоаси ушбу халқаро ойна доирасида Сурия терма жамоаси билан ҳам ўйнайдиган бўлди.
Матбуот анжуманида Каннаваро ҳозирда таркибга жалб этилмаган футболчилар учун ҳам терма жамоа эшиклари ёпиқ эмаслигини урғулади. У барча ўзбекистонлик ўйинчиларни диққат билан кузатиб бораётгани ва ҳар бирида миллий жамоага чақир олиш имконияти борлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА кунлари доирасида Эрон, Сурия ва Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказади. Жумладан, Эрон билан ўйин 24 сентябрь куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида соат 19:00 да бошланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!