Пойтахтда қонунчилик ҳужжатларини бузгани учун ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларига олиб келиш, жойлаштириш ҳамда қайтариб бериш жараёнларини тартибга солувчи янги низом тасдиқланди. Адлия вазирлигининг маълум қилишича, ушбу ўзгаришлар ҳайдовчилар учун шаффофликни таъминлаш ва ортиқча овворагарчиликларнинг олдини олишга қаратилган.
Янги тартибга кўра, ваколатли давлат органи томонидан транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш бўйича қарор қабул қилингач, дарҳол «Жарима майдончаси» махсус модули орқали тегишли идоралар ва хизмат кўрсатувчи юридик шахсларга хабар юборилади.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири — эндиликда транспортни бошқаришдан четлаштиришни назарда тутувчи қоидабузарликлар содир этилганда, автомашиналар жарима майдончасига фақат махсус техника — эвакуатор ёки манипулятор ёрдамида олиб келиниши шарт. Бу эса транспорт воситаларининг рухсатсиз ёки бошқа шахслар томонидан бошқарилиб олиб келинишининг олдини олади.
Автомашинани жарима майдончасидан чиқариш тартиби ҳам рақамлаштирилди. Унга кўра, транспорт воситасини сақлаб туришга сабаб бўлган омиллар бартараф этилгач, уни олиб чиқишга «Жарима майдончаси» модули орқали рухсат берилади. Мазкур рухсатнома маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган мансабдор шахслари томонидан расмийлаштирилиб, QR код билан тасдиқланади.
Ҳужжат электрон шаклда ҳайдовчига ҳамда сақлаш хизматини кўрсатувчи ташкилотга бир иш куни ичида юборилади, шунингдек, ҳайдовчининг мобил телефонига тегишли СМС хабарнома жўнатилади. Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу модуль орқали расмийлаштирилмаган ҳар қандай рухсатнома асосида автомашинани жарима майдончасидан чиқариш қатъиян тақиқланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!