Ижтимоий тармоқларда Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига Ҳиндистон ҳамда Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик бўйича оғзаки кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик бу маълумотни рад этди.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб хорижлик абитуриентларни Ўзбекистон олий таълим ташкилотларига қабул қилиш жараёни «Студй ин Узбекистан» ягона электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.
Платформа орқали хорижлик абитуриентлар Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари, таълим дастурлари, қабул талаблари ва контракт тўловлари ҳақида маълумот олиши, ҳужжатларини электрон шаклда топшириши ҳамда аризасининг ҳолатини кузатиши мумкин.
Вазирликка кўра, янги тизимнинг асосий мақсади хорижлик абитуриентлар учун қабул жараёнини очиқ ва шаффоф қилиш ҳамда уларнинг олий таълим ташкилотлари билан бевосита мулоқот қилиш имкониятини кенгайтиришдан иборат. Платформада рўйхатдан ўтиш бепул.
Вазирлик Ўзбекистон хорижий талабалар оқимини чеклашдан манфаатдор эмаслигини, аксинча, хорижий талабалар географиясини кенгайтириш ва таълим экспортини ривожлантиришга интилаётганини билдирди.
Хорижий талабаларни қабул қилиш ҳажми ҳар бир олий таълим ташкилотининг имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда таълим муассасасининг ўқув аудиториялари, лаборатория базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, талабалар турар жойлари ва бошқа инфратузилма имкониятлари ҳисобга олинади.
Вазирлик хорижлик абитуриентларга Ўзбекистонда таълим олиш учун расмий «Студй ин Узбекистан» платформасидан фойдаланиш ҳамда қабул шартлари бўйича маълумотларни бевосита танланган олий таълим ташкилотидан олишни тавсия қилди.
Ўзбекистонга ўқиш учун келаётган хорижликлар сони ошган
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январь–июнь ойларида 21 042 нафар чет эл фуқароси ўқиш мақсадида Ўзбекистонга келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,5 минг нафарга ёки 2,2 баробарга кўп.
Уларнинг мамлакатлар кесимидаги сони қуйидагича:
Туркманистон — 9 207 нафар;
Ҳиндистон — 3 723 нафар;
Тожикистон — 1 915 нафар;
Хитой — 951 нафар;
Қирғизистон — 834 нафар;
Покистон — 689 нафар;
Миср — 603 нафар;
Жанубий Корея — 526 нафар;
Филиппин — 367 нафар;
АҚШ — 302 нафар;
бошқа давлатлар — 1 925 нафар.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!