Буюк Британиянинг Миллий архивида АҚШ Мустақиллик декларациясининг илк босма нусхаларидан бири тасодифан топилди. Мутахассислар топилмани тарихий жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга ҳужжат сифатида баҳоламоқда. Маълум қилинишича, ҳужжат Ғарбий Лондондаги Кю шаҳридаги Миллий архивда XVIII асрга оид денгиз флоти ҳужжатлари каталоглаштирилаётган пайтда аниқланган.
Архив кўнгиллиси Майкл Скарр ҳужжатнинг дастлабки сатрларини кўриши билан унинг АҚШ Мустақиллик декларацияси эканини англаган. Тадқиқотчилар ушбу нусха 1776 йил июль ойида Ню-Ҳемпшир штатининг Эксетер шаҳрида чоп этилган машҳур “Эксетер босмаси” эканини таъкидламоқда. Бугунги кунга қадар унинг атиги 11 та нусхаси сақланиб қолгани маълум бўлиб, Буюк Британияда топилгани АҚШ ҳудудидан ташқарида аниқланган ягона нусха ҳисобланмоқда. Мутахассисларнинг аниқлашича, ҳужжат 1776 йил декабрь ойида Испания қирғоқлари яқинида Британия ҳарбий кемаси томонидан қўлга олинган Американинг Далтон номли хусусий кемаси ҳужжатлари орасида сақланиб қолган. Бошқа муҳим материаллар алоҳида расмийлаштирилган бўлса, мазкур декларация оддий ҳужжат сифатида архивга топширилиб, асрдан ортиқ вақт давомида эътибордан четда қолган.
Тарихчиларга кўра, кема капитани Элиэзер Жонсон декларация нусхасини Портсмут шаҳрида сотиб олган бўлиши мумкин. Шунингдек, у сафар давомида ҳужжатни экипаж аъзоларига овоз чиқариб ўқиб бергани ҳам тахмин қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, АҚШ 1776 йил 4 июль куни Буюк Британиядан мустақиллигини эълон қилган. Мазкур топилма эса Америка мустақиллиги тарихини ўрганишда муҳим манбалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!