Германиянинг Гемер шаҳрида рус шоири Александр Пушкинга ўрнатилган бронза ҳайкал номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Ҳодиса юзасидан маҳаллий полиция тергов ҳаракатларини бошлаган. Россиянинг Германиядаги элчихонаси маълум қилишича, баландлиги қарийб 1,8 метр бўлган ёдгорлик Гемер шаҳрига Россиянинг Шчёлково шаҳри томонидан совға қилинган ва Тинчлик боғига ўрнатилган эди. Элчихона ушбу ҳодисани афсус билан қарши олиб, ҳайкал тез орада топилиб, ўз жойига қайтарилишига умид билдирган.
Маълумотларга кўра, ҳайкал 1994 йил 24 сентябрь куни тантанали равишда очилган бўлиб, у Россия ва Германия халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув рамзи сифатида қад ростлаган. Ёдгорлик украиналик ҳайкалтарош Григорий Пототский томонидан ишланган. Полиция дастлабки маълумотларга таяниб, ўғрилик жума куни соат 10:00 дан шанба куни соат 10:00 оралиғида содир этилганини билдирди. Воқеа жойига келган гувоҳ эрталаб ҳайкалнинг фақат пойдевори қолганини кўрган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ёдгорликнинг оғирлиги сабаб ўғриликни бир неча киши содир этган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Терговчилар жиноят махсус жиҳозлар ва транспорт воситаси ёрдамида амалга оширилган бўлиши эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!