Қирғизистонда шов-шувга сабаб бўлган “75 лар хати” иши бўйича ҳукм эълон қилинди. Бишкекнинг Биринчи май туман суди собиқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиевни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди. Суд қарорига кўра, иш бўйича яна бир қатор собиқ юқори лавозимли амалдорлар ва сиёсатчилар ҳам “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш” моддаси билан айбдор деб топилди. Уларнинг мол-мулки мусодара қилинди ва ҳар бирига тўрт йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Бироқ суд маҳкумларга уч йил муддатга пробация назоратини қўллади.
Шу сабабли улар жазони колонияда ўтамасдан, назорат остида ўташ имкониятига эга бўлади. Февраль ойидан буён қамоқда сақланаётган беш нафар айбланувчи суд залидан озод этилди. Суд, шунингдек, иш фигурантларини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича оқлади. Ҳимоя томони ҳукмдан норози эканини билдириб, қарор устидан юқори инстанцияга шикоят қилишини маълум қилди. Айбланувчиларнинг ҳеч бири ўзига қўйилган айбловни тан олмади.
Мазкур жиноят иши жорий йил февраль ойида интернетда президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги парламент спикери номига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишни сўраб ёзилган, 75 нафар жамоат ва сиёсат арбоби имзолаган мурожаат эълон қилингач бошланган. Орадан кўп ўтмай Ташиев лавозимидан озод этилган, апрель ойида эса унга ва яна бир қатор сиёсатчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!