Россия 2 июлга ўтар кечаси Украинанинг пойтахти Киевга ракета ва дронлар ёрдамида кенг кўламли зарба берди. Ҳужум оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди, ўттиздан ортиқ фуқаро жароҳат олди. Дастлаб шаҳар ҳарбий маъмурияти уч киши ҳалок бўлгани ва 25 нафар жабрланганини маълум қилган.
Кейинчалик Киев мери Виталий Кличко қурбонлар сони беш нафарга, жароҳатланганлар эса 34 кишига етганини билдирган. Орадан кўп ўтмай маҳаллий ОАВ яна уч кишининг жасади топилгани ҳақида хабар берди. Шу тариқа, ҳалок бўлганлар сони саккиз нафарга етди. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, ҳужум натижасида Киевнинг бир нечта туманларидаги турар жойлар ва фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етган. Энг катта вайронагарчилик Дарнитский туманида кузатилган. Бу ерда кўп қаватли турар жой бинолари қисман қулаган, 16 қаватли уй ва бир нечта хусусий ҳовлилар ҳам шикастланган.
Шунингдек, Шевченкивский туманида турар жой бинолари, меҳмонхона ва нотурар объектларда ёнғинлар юзага келган. Голосеевский, Печерский, Оболонский, Святошинский ҳамда Деснянский туманларида ҳам турар жой бинолари ва омборхоналарга зарар етгани маълум қилинди. Қутқарув хизматлари вайроналар остида қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Расмийлар қурбонлар ва жабрланганлар сони яна ортиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!