Бухоро марказий деҳқон бозори ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани ва фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи мавжудлиги сабабли вақтинча фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, ўтказилган текширувларда қоидабузарликларнинг асосий қисми бозорнинг кийим-кечак савдоси амалга ошириладиган қисми ҳамда унга туташ ҳудудларда аниқланган.
Жумладан, айрим тадбиркорлар ёнғин ўчириш техникаси ҳаракатланиши учун ажратилган йўлакларни тўсиб қўйган. Шунингдек, савдо расталари белгиланган бир метр масофалик меъёрга риоя қилинмаган ҳолда жойлаштирилган.
Текширув давомида дўкон пештоқларининг мато ва тез алангаланувчи пластик материаллар билан қоплангани, айрим савдо нуқталари томида эса ёнувчан алюкобонд материалидан фойдаланилгани аниқланган. Электр симларининг белгиланган талабларга мос келмаслиги ва тартибсиз ўрнатилгани ҳам қайд этилган.
Бундан ташқари, дўконларнинг барчаси ёнғин ҳақида автоматик хабар бериш тизими билан таъминланмагани, ер ости сув олиш қурилмаларининг носозлиги ҳамда ёнғинга қарши жиҳозлаш бурчакларида камчиликлар мавжудлиги маълум бўлган.
Бозор фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича қарор вилоят иқтисодий суди томонидан қабул қилинган. Унгача бозор ҳудуди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, солиқ бошқармаси ва махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган.
Бозор маъмурияти ҳамда савдо нуқталари эгаларига аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш вазифаси юклатилган. Қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилиб, белгиланган хавфсизлик талаблари бажарилгач, бозор фаолиятини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!