Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг (ЎзЛиДеП) навбатдаги Конгресси 4 декабрь куни бўлиб ўтади. Унда партиянинг янги Сиёсий дастури ҳамда Уставининг янги таҳрири муҳокама қилиниб, улар юзасидан якуний қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Конгрессга тайёргарлик доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳудудий конференциялар ўтказилиб, якунланган. Ушбу йиғилишларда партиянинг келгусидаги фаолияти, сиёсий дастурини янгилаш ва ташкилий тузилмасини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, тайёргарлик жараёнида 17 мингта бошланғич партия ташкилотида ўтказилган йиғилишларда 1,5 миллион киши иштирок этган. Шунингдек, 208 та туман ва шаҳарда ташкил этилган конференцияларда 22 мингдан ортиқ иштирокчи ўз таклифларини билдирган.
Ҳудудий конференцияларда 4 200 нафардан зиёд киши қатнашган бўлса, навбатдаги Конгресс учун 1 500 нафар делегат сайланган.
Янги Сиёсий дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳудудлардан келиб тушган қарийб 6 мингта таклиф инобатга олинган. Унда инсон қадри, ижтимоий адолат, иқтисодий эркинлик, қонун устуворлиги, яшил тараққиёт, тинчлик ва хавфсизлик устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Бу ҳақда ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ЎзЛиДеП масъул ходими Нозина Исакова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Конгрессда янги Сиёсий дастур ва Уставнинг янгиланган таҳрири муҳокама қилинади. Якунда тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!