Бир муддат олдин Президент Шавкат Мирзиёевнинг қуйи бўғин мулозимларини жойлардаги аҳволдан бехабарлиги, улар жамоат траспортида юрмаслиги ҳақида “Шаҳарни бирортаси тушунмайди. Шаҳар ичида юрмайди. Ҳаммаси бойвачча, машиналарда...” деган гаплари янгради. Ўзбекистонда кичик бир лавозими бўлган мулозим ҳам жамоат транспортида юришга ор қилади, деган тушунча эса эл онгига сингиб қолган. Баъзида эса хизмат автомобилларида, қолган йўл ҳаракати иштирокчиларига ноқулайлик туғдириб, ўзлари эркин ҳаракатланишлари учун бошқаларнинг ҳаракатларини чеклаб қўймаганига ҳам раҳмат дейишади...
Бир қатор мамлакатларда эса кўзга кўринган хабарлар одатдаги куни жамоат транспортидан бошланади.
Бугун биз тилга оладиган давлат миқёсидаги мулозимлар, йирик компания ва ширкат раҳбарларининг ягона жиҳати уларнинг жамоат транспортидан мунтазам фойдаланишидир. Уларнинг сиёсий фаолияти, ишдаги ютуқлари, камчиликлари, феъл-атвори – ўз йўлига. Муҳими, уларнинг ҳар бири масъул вазифани эгаллаган, эгаллаётган экан, қимматбаҳо, жиллақурса, ўртароқ хизмат ёки шахсий автомобилли бўлишга ҳақли.
Интернетдан Буюк Британия бош Вазири Борис Жонсон суратларини қидирувга берсангиз, унинг автобусда, метрода суратга тушганлари, аниқроғи, туширишгани кам эмаслигига амин бўласиз. Жонсон бош вазирликкача ҳам қатор кўзга кўринган вазифаларда бўлган.
Унинг ҳар куни жамоат транспортида ишга қатнаши ҳақиқат. Жонсон кортеж, қўриқлаш хизмати, махсус автомобиллар учун Британия халқидан пул олмайди.
Қизиғи, Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блэр ҳам оддий одамлар орасида автобусда юрган. Ҳеч кимдан қўрқмаган. Доимо ундан ниманидир сўраш ёки шунчаки салом-алик қилиш мумкин бўлган.
theguardian.com сайти тақдим этган фотогалереядан Британияда жамоат транспортида юрадиган сиёсат арбоблари кам эмаслигини билиш мумкин.
Жереми Корбин Буюк Британия парламенти аъзоси Лондонда тунги соатларда автобусда. Кун оғир кечган чоғи, у хорғин кўринади.
Кен Ливингтон, Лондоннинг собиқ мэри, Британия сиёсий арбоби
Ник Клегг, собиқ лорд, Кенгаш раиси
Эд Милибэнд, Британия собиқ энергетика ва иқлим ўзгариши вазири ҳар гал автобусдан тушиб, йўли қулай кечганидан мамнун қиёфада кўринади.
Девид Кемерон ҳам бирлашган қиролликдаги собиқ бош Вазирлардан бири. У хотиржам, Ейлингдан Вестминстергача бўлган йўналишдаги поездда кетмоқда.
Россияда эса эса 22 сентябрь бутундунё автомобилларсиз куни баҳонасида ўнлаб раҳбарлик лавозимидаги кишилар одатдаги кунларида ҳам мунтазам жамоат транспортидан фойдаланиши маълум бўлган.
Масалан, Транспорт департаменти раҳбари маслаҳатчиси Алексей Митяев Москвада автомибилсиз ҳам бемалол яшаш мумкинлигини таъкидлайди.
– Мен 3 йилдирки, шахсий автомобилим йўқ. Самокат, автобус ва каршерингдан фойдаланаман, – дейди у.
Акцияда иштирок этган транспорт комплекси ходимлари “Халқаро автомобилсиз куни”да экология масаласига эътибор қаратиш билан бирга ўз соҳаларини чуқурроқ ўрганишга ҳам имкон пайдо бўлишини таъкидлаганлар. “Москва-Твер шаҳарлараро йўловчи ташиш компанияси” бош директори биринчи ўринбосари Андрей Филатов ишга ҳар куни метрода боришини айтади. Гарчи у ҳам хизмат машинасидан фойдаланиш имконига эга.
– Ишга вақтида келишимга 100 фоиз ишонаман ва тирбандликда вақтимни йўқотмайман. Бундан ташқари, жамоат транспортида мунтазам қатнашгина йўловчиларга нима керак ва уларни қайси йўсинда ривожлантириш йўлларини ўргатади, – дейди у.
Шарқ мамлакатларида ҳам шундай, пиёда юрадиган, жамоат транспортидан фойдаланадиган мулозимлар борми? Интернет маълумотларидан топганимиз фақат Эронннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмади Нажот бўлди. У 80 миллионлик аҳолиси бўлган мамлакатни бошқарган саккиз йил давомида ҳам, бугунги олий таълим даргоҳида сабоқ бераётган кунларда ҳам автобусда кўп қатори чиптага пул тўлаб қатнаган, қатнайди.
Балки қайсидир Шарқ мамлакатида жамоат транспортидан фойдаланиб келган раҳбарлар яна бордир. Лекин Марказий Осиё давлатларида эмас. Мирзиёев айтганидан кейин Ўзбекистонда транспорт муаммоларини ўрганиш учун бўлса ҳам соҳанинг бир-икки “катта”лари автобус ёки метрода кўриниш берса ажаб эмас.
Мустаҳкам Тангриёрова, журналист
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!