Ўзбекистонда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни баҳолаш ҳамда қоплаш тартиби белгиланди. Ҳукуматнинг 3 ноябрдаги қарорига мувофиқ, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 220 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Қарорда транспорт авариялари ва ҳалокатлари, кимёвий хавфли ҳамда ёнғин-портлаш хавфи мавжуд объектлардаги авариялар, энергетика ва коммунал тизимлардаги носозликлар, бино конструкцияларининг тўсатдан бузилиши, радиактив ва бошқа хавфли моддалар билан боғлиқ авариялар, шунингдек, гидротехник ҳалокатлар техноген фавқулодда вазиятлар сифатида белгиланган.
Бундай ҳодисалардан жабрланган аҳолига бир марталик моддий ёрдам қуйидаги миқдорларда берилади:
Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига — ҳар бирига тенг улушда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 500 бараваригача (220 млн сўмгача);
Оғир тан жароҳати олганларга — 200 БҲМгача (88 млн сўмгача);
Ўртача оғирликдаги жароҳат олганларга — 150 БҲМгача (66 млн сўмгача);
Енгил жароҳат олганларга — 100 БҲМгача (44 млн сўмгача).
Қарорга кўра, республиканинг барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида техноген фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш жамғармалари ташкил этилади. Жабрланганлар ҳодиса юз берган кундан бошлаб 30 кун ичида тегишли комиссияга ариза билан мурожаат қилиши лозим.
Моддий ёрдам, одатда, суд томонидан айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳисобидан тўланади. Айбдор аниқланмагунча ёки зарарни тўлиқ қоплаш имконияти бўлмаганда, маблағ жамғарма ҳисобидан 30 кун ичида ажратилади. Кейинчалик ушбу маблағ айбдор томондан ундирилади.
Жамғармалар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар бюджетлари, уларнинг захира маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!