Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида автомобиль йўлини тўсиб, транспорт воситалари ҳаракатига халақит берган саккиз нафар фуқарога 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса тумандаги Гулсарой кўчасида содир бўлган. Фуқаролар автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўсиб, транспорт ҳаракатига халақит берган ва жамоат тартибини бузган.
Ҳуқуқбузарлардан бири йўлни тўсиб, ўйин-кулги қилганини, бундай ҳаракатлар оқибатини олдиндан ўйламаганини билдирган. Яна бир фуқаро эса соат 16:00 атрофида келиннинг уйидан чиқиш вақтида хурсандчиликка берилиб, йўлни тўсиб қўйишганини айтган. Улар қилмишларидан пушаймон эканини билдириб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув натижасида фуқароларнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан баҳоланган. Тегишли ҳужжатлар судга юборилган.
Суд қарорига кўра, саккиз нафар шахснинг ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жазо муддатини ҳисоблаш 2026 йил 3 ноябрдан бошланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!