Ўзбекистонда реклама ва акциялар доирасида озиқ-овқат, буюм ҳамда бошқа маҳсулотларни бепул тарқатиш ёки жуда арзон нархда сотиш орқали одамларни оммавий тадбирларга жалб қилиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, 100 ва ундан ортиқ киши қатнашадиган концертлар, спорт мусобақалари, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун янги тартиблар жорий этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, маданий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ва спорт мусобақаларига чипталарни электрон шаклда сотиш таклиф этилмоқда. Бу орқали чипталарни белгиланган нархдан қимматга қайта сотиш ва қалбакилаштиришнинг олдини олиш кўзда тутилган.
Қарор лойиҳасида тадбир ташкилотчисига тегишли рухсатнома олинмагунча тадбир ҳақида эълон бериш, реклама қилиш, унинг санаси ва жойини маълум қилиш ҳамда чипталар сотишни тақиқлаш ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, тадбирларда одамлар оқимини назорат қилиш, уларнинг тўпланиши ва тиқилинч билан боғлиқ хавфларни барвақт аниқлаш учун дронлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузган айрим шахсларнинг бундай тадбирларга киришини жиноят ишлари бўйича суд томонидан вақтинча чеклаш имконияти ҳам кўзда тутилган. 2027 йилдан бошлаб бундай шахсларнинг электрон ҳисобини юритиш таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур тартиблар йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар, шунингдек, тўйлар, оилавий ва юбилей тадбирлари ҳамда марҳумлар хотирасига бағишланган аза маросимларига татбиқ этилмайди.
Ҳукумат қарори лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 20 ноябрга қадар давом этади. Таклифлар ҳозирча лойиҳа мақомида бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!