Покистоннинг Лаҳор шаҳрида хусусий ўқув маркази томининг қулаши оқибатида 14 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Панжоб вилояти фавқулодда хизматлари маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қутқарувчилар вайроналар остидан 5 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ҳамда 30 ёшли аёл ўқитувчининг жасадини олиб чиққан. Ҳалок бўлган болаларнинг аксарияти 9 ёшдан кичик бўлган.
Панжоб вилояти ахборот вазири Азма Бохарининг айтишича, дастлабки текширувлар ўқув маркази расман рўйхатдан ўтмаганини ҳамда эски хусусий турар жой биносида фаолият юритганини кўрсатган. “Текширув давомида бепарволик, эҳтиётсизлик ёки қонунбузарлик аниқланса, айбдорларга нисбатан қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилади”, — деди вазир.
Шунингдек, Панжоб ҳукумати муссон мавсуми олдидан хавфли биноларни тўлиқ кўздан кечириш, рўйхатдан ўтмаган ўқув марказлари ва хусусий таълим муассасалари фаолияти устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берган. Покистон Президенти Асиф Али Зардари ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, бундай фожиаларнинг олдини олиш учун таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!