Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида олиб борилган археологик қидирувлар давомида тош даврига оид янги маконлар ҳамда 30 га яқин қоятош тасвири аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, сентябрь ойида Маданий мерос агентлиги ва Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти мутахассислари томонидан ҳудудларда дала-қидирув ишлари олиб борилган. Тадқиқотлар давомида Зомин туманининг Аччи қишлоғи шарқида палеолит, Пешағор қишлоғида эса неолит даврига оид маконлар аниқланган. Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ва Аржа қишлоғи ҳудудларида ҳам неолит даврига мансуб топилмажойлар қайд этилган.
Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, бир ҳудудда палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг аниқланиши қадимги жамоалар Зомин воҳаси ва Туркистон тизмасининг ушбу қисмида узоқ вақт яшаб, ҳудуддан мунтазам фойдаланганини кўрсатади.
Шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги Равот қишлоғи ҳудудида, Равотсойнинг чап соҳилида янги қоятош суратлари мажмуаси топилган. Етти дона сланец қоятош юзасида жами 30 га яқин петроглиф қайд этилган. Улар орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белги ва камондан ўқ узаётган овчи тасвирлари бор. Дастлабки таҳлилларга кўра, петроглифлар бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврга оид.
Янги топилмалар Жиззах воҳаси ва Туркистон тизмасининг қадимги тарихини, жумладан, бу ҳудудларда яшаган жамоаларнинг турмуш тарзи, тарқалиши ва маданий жараёнларини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Келгусида ёдгорликларда кенг кўламли тадқиқотлар ўтказилиб, топилмалар даврлаштирилади ва илмий ҳужжатлаштирилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!