Жиззах шаҳридаги икки тунги клубнинг Инстаграм саҳифаларида жойлаштирилган 500 га яқин реклама ролигида миллий ва оилавий қадриятлар ҳамда умумеътироф этилган ахлоқ нормаларига зид тасвирлардан фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида шаҳардаги тунги клублар рекламаси ўрганилган. Хусусан, “ЖИЗЗАХ ЛЕАДЕР ФООД” МЧЖ ҳамда “АЗИЗ БОҒИШАМОЛ КЛУБ” МЧЖга қарашли тунги клубларнинг Инстаграм саҳифаларидаги материаллар таҳлил қилинган.
Ўрганишлар давомида қарийб 500 та видеороликда миллий ва оилавий анъаналар, ахлоқ ҳамда маънавиятнинг умумеътироф этилган нормаларига зид тасвир ва образлар мавжудлиги аниқланган. Реклама материалларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат қилинган.
Марказ хулосасига кўра, ушбу рекламалар “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси талабларига зид деб топилган. Шундан сўнг ҳар икки тунги клубнинг расмий Инстаграм саҳифаларидан қонунчиликка зид реклама материаллари олиб ташланган.
Қўмита маълумотига кўра, кўрилган чоралар натижасида 120 мингдан ортиқ обуначи номақбул реклама материаллари таъсиридан ҳимояланган. Идора реклама берувчилар ва тарқатувчиларни қонунчилик талабларига риоя қилишга чақирган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!